Столтенберг: НАТО Трамп қайта сайланган тақдирда ҳам мавжуд бўлишда давом этади
Ғарб мамлакатлари НАТО Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддатидан омон чиқмаслигига ўзларини ишонтирмаслиги керак, деб ҳисоблайди альянс бош котиби Йенс Столтенберг. Унинг сўзларига кўра, Трамп ва вице-президентликка номзод Жей Ди Вэнс ташкилотнинг ўзини эмас, балки унинг айрим аъзоларини альянс мудофаа эҳтиёжларининг етарлича молиялаштирилмагани учун танқид қилмоқда.
“Фикримча, АҚШга келадиган янги маъмурият НАТО тугашини англатишига ўз-ўзини ишонтирмаслик ва буни тахмин қилмаслик керак. Бу ҳақдаги хавотирлар 2016 йилда ҳам бўлган. Ҳақиқат шундаки, НАТО тўрт йил ичида янада кучайди… қўшин кўпайди, жанговар шайлик ошди”, — деди Столтенберг Британиянинг The Guardian газетасига берган интервьюсида.
Аввалроқ НАТОнинг 2018 йилдаги июль саммитида ўша вақтда президент лавозимини эгаллаб турган Трамп альянсдан чиқмоқчи бўлгани маълум қилинган эди. Трамп европалик иттифоқчилар мудофаага етарлича пул сарф қилмаслигидан шикоят қилиб, икки томонлама учрашувда Столтенбергни очиқчасига танқид қилди.
Шарҳлар