Суиқасдни бошидан кечирган Словакия бош вазирига яна бир жарроҳлик амалиёти қилинди
Икки кун олдин ҳаётига суиқасд қилинган Словакия бош вазири Роберт Фицога яна операция қилинди, у ўзига келди ва реанимацияда ётибди.
“Шифокорлар ўқ жароҳатларидан қолган некротик тўқималарни олиб ташлади. Операция тахминан икки соат давом этди. Бемор ҳамон реанимация бўлимида. У ҳушида, аҳволи барқарор, аммо оғир”, — дейди Фицо даволанаётган клиника директори Мириам Лапуникова.
Словакия бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири Роберт Калиняк Фицо билан касалхонада гаплаша олганини, бироқ бош вазирнинг жароҳати оғирлиги сабабли учрашув қисқа бўлганини айтди. Калинякнинг сўзларига кўра, бир неча кундан кейин Фицонинг аҳволи динамикаси ҳақида гапириш мумкин бўлади.
«Шифокорлар беморнинг аҳволини ижобий динамикага яқинлаштириш учун ҳамма нарсани қилмоқда», – дейди у.
Словакия Бош вазири Роберт Фицо 15 май куни ҳукуматнинг кўчма йиғилишидан сўнг бир неча ўқ жароҳатини олганди. У зудлик билан касалхонага ётқизилди ва биринчи операция беш соат давом этди; Уни отган шахс, 71 ёшли Юрай Цинтула воқеа жойида қўлга олинди ва унга қотилликка уриниш айби қўйилди. Цинтула Фицога қилинган суиқасдни ҳукумат сиёсатидан норозилиги билан изоҳлади.
Шарҳлар