Сурияда ҳарбий жиноятларни содир этишда гумон қилинган шахслар Германияда ҳибсга олинди

Фото: DW

Германия федерал прокуратураси Башар Асад ҳукуматида ишлаган ва Сурияда тинч аҳолини ўлдиришга алоқадорликда гумон қилинган беш киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда DW хабар беради.

Тергов маълумотларига кўра, 2012 йилда бу шахслар ҳукуматга қарши намойиш иштирокчиларига қарата ўқ узган, натижада камида олти киши ҳалок бўлган.

Ҳибсга олинганлардан бири аввалроқ Сурия махфий хизмати ходими бўлган, қолган тўрт нафари эса Дамашқ ҳукумати томонидан ташкил қилинган қуролли кўнгилли тузилма аъзолари бўлган.

Беш нафари ҳам инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларини содир этишда айбланмоқда, улардан тўрт нафари, шунингдек, қийноқларда ҳам айбланяпти. Суд 3 ва 4 май кунлари уларни қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг 2022 йилги маълумотларига кўра, Сурияда ўн йилдан ортиқ давом этган фуқаролар уруши камида 306 887 нафар тинч аҳолининг умрига зомин бўлган.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарининг 2023 йилги маълумотларига кўра, 5,3 миллионга яқин суриялик уруш сабабли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.