Имомали Раҳмон Россия Ички ишлар вазири билан меҳнат миграцияси муаммоларини муҳокама қилди
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон республикага амалий ташриф билан келган Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцевни қабул қилди, дея хабар бермоқда Centralasia.
“Суҳбат чоғида Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, бошқа долзарб икки томонлама масалалар ҳам кўриб чиқилди. Икки мамлакат ўртасидаги меҳнат миграцияси ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Тожикистон раҳбари Россияда қолган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун зарур чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлаган.
Тожикистон ИИВ матбуот марказининг хабар беришича, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги раҳбари муҳожирлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказиш учун делегация ҳамроҳлигида Душанбега келган.
Ташриф доирасида Тожикистон ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирларининг икки томонлама учрашуви, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасининг очилиш маросимида иштирок этиш режалаштирилган. Тожикистон Республикаси ва миграция масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш бўйича Тожикистон-Россия музокараларининг иккинчи раунди бўлиб ўтган.
Шарҳлар