ЖССТ: мобил телефонлардан фойдаланиш мия саратонини келтириб чиқармайди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) буюртмаси билан австралиялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Тадқиқот доирасида дунёнинг ўнта мамлакатида 1994—2022 йилларда мобил телефонлардан фойдаланиш ва мия саратонининг юқори хавфи ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги ҳақида тўпланган маълумотлар таҳлил қилинди.
Мобил алоқа энди пайдо бўлган вақтларда кўпчилик экспертлар мобил телефонлардан бошга жуда яқин масофада тез-тез фойдаланиш мия саратонига олиб келишидан хавфсираган эди. Шу сабабли мобил телефонлар ишлаб чиқарувчилари телефонларнинг ҳар битта моделидаги радионурланиш даражасини ўлчаб, махсус буклетларда фойдаланувчиларга бу маълумотларни ошкор қиларди.
Бироқ Австралия радиациядан ҳимоя ва ядровий хавфсизлик бошқармаси томонидан 3 сентябрь куни эълон қилинган хулосаларда айтилишича, мобил телефонлардан фойдаланиш ва мия саратони юзага келиши ўртасида боғлиқлик аниқланмаган.
Олинган маълумотлар асосида тадқиқотчилар маълум қилишича, мия саратони билан касалланишнинг умумий даражаси тадқиқот ўтказиш ва маълумотларни тўплаш даврида барқарор қолган ва фойдаланувчилар мобил телефонларни тобора фаолроқ қўллаган давр мобайнида ҳеч қандай тебранишларни намоён қилмаган.
1993 йилдан 2022 йилга қадар қайд этилган мия саратони ҳолатлари кўпайиши диагностика усулларининг ривожланиши, шунингдек, МРТ-текширувлари янада кенг тарқалиши билан боғлиқ. Таъкидланишича, 2003 йилдан мобил телефонлардан фойдаланиш кескин ўсиши фонида ушбу даврда мия саратони билан касалланишда ўсиш кузатилмаган.
Шарҳлар