Таиланд бош вазири лавозимини собиқ ҳукумат раҳбарининг қизи эгаллади
Таиланд ҳукумати собиқ раҳбари Таксин Чинаватнинг қизи — 37 ёшли Пхетхонгтхан Чинават қиролликнинг янги бош вазири этиб сайланди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда.
16 август куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида унинг номзодини ёқлаб парламентнинг 319 депутати овоз берди, 145 нафари қарши чиқди ва 27 киши бетараф қолди.
Пхетхонгтхат Чинават — Таиланд тарихидаги энг ёш бош вазир ва ушбу лавозимдаги иккинчи аёл кишидир. Унинг номзоди “Пхиа Тхаи” партияси бошчилигидаги коалиция томонидан илгари сурилган бўлиб, ушбу партияни кўп жиҳатдан Чинават мултимиллиардерлар оиласи назорат қилади.
14 август куни Таиланд Конституциявий суди бош вазир Сеттха Тхависинни 2024 йил апрелида Пхичит Чинбанни бош вазир канцеляриясидаги вазир этиб тайинлаш чоғида этика меъёрларини бузиш ҳақидаги иш туфайли ўз лавозимидан четлаштирганди. 2008 йил июнида Чинбан коррупция ҳақидаги иш бўйича Таксин Чинаватга вакиллик қилаётган вақтда судьяларга пора беришга урингани учун олти ойлик қамоққа ҳукм қилинган.
Шарҳлар