Тайван жорий йилда АҚШ дан HIMARS тизимларини олиши мумкин

Фото: Газета ру

Жорий йил охиридан 2026 йилгача зарба бериш қурилмалари бир неча партияларда етказиб бериш режалаштирилган. Жами 29 та HIMARS мажмуаси етказиб берилади, дея хабар беради Тайваннинг Taipei Times нашри.

2020 ва 2022 йилларда Тайван АҚШ ҳукумати билан 29 та HIMARS ракета тизимини сотиб олиш бўйича иккита битим тузганди.

Биринчи партия 11 та реактив тизимдан иборат бўлади. Уни етказиб бериш жорий йилнинг охирида бошланади ва 2025 йилда тугайди. Иккинчи партияга яна 18 та тизим, 300 км масофагача учадиган 84 та MGM-140 тактик ракеталари ва умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 864 та оддий ракеталар киради.

Қурол-яроғ етказиб бериш Хитойнинг эҳтимолий ҳужумига қарши туриш мақсадида Тайваннинг ҳарбий модернизация дастурининг бир қисмидир. Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукумати томонидан бошқарилади ва Хитойнинг суверенитетга даъволарини рад этиб келади.

Қўшма Штатлар “ягона Хитой” сиёсатини тан олади ва 1979 йилдан бери Тайван билан дипломатик алоқаларга эга эмас. Шу билан бирга, Вашингтон Тайван армияси учун асосий қурол етказиб берувчи ҳисобланади. Айни дамда АҚШнинг Тайванга қурол етказиб бериш бўйича қолдиғи тахминан 19 миллиард долларга баҳоланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.