Танк учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи немис компанияси буюртмалар сони рекорд даражага етганини маълум қилди — FT
Танк қисмларини ишлаб чиқарувчи Германиянинг Renk компанияси рекорд даражадаги буюртмалар ҳақида хабар бермоқда, унинг бош директори эса барқарорлик сармоядорларини, агар ўз мақсадларига эришмоқчи бўлсалар, «тинч, демократик ва эркин дунё» учун курашувчи компанияларни қўллаб-қувватлашга чақирган.
Даромадининг 70 фоизи ҳарбий буюртмалардан тушадиган танклар ва фрегатлар учун узатиш қутилари ва трансмиссияларини ишлаб чиқарувчи Бавария компаниясининг маълум қилишича, 2023 йилда буюртмалар сони қарийб учдан бирга ошиб, 1,3 миллиард еврогача етган, жами буюртмалар қиймати эса 4,6 миллиард еврога ошган, деб ёзади Financial Times.
Европа ва Яқин Шарқда қуруқликдаги урушлар бошланганидан кейин инвесторлар мудофаа саноатига мурожаат қилгани сабабли, февраль ойида Франкфурт фонд биржасига киритилганидан бери компания акциялари деярли икки бараварга ошган. Европа мудофаа ташкилотлари узоқ вақтдан бери Европа Иттифоқининг қайси фаолият «барқарор» эканлигини белгиловчи ва баъзи ҳолларда молиялаштиришни қийинлаштирувчи қатъий қоидаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Айрим аъзо давлатлар Европа инвестиция банкидан мудофаа гуруҳларига кредит бериш мандатини ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Renk компанияси 2023 йилда 926 миллион евро даромад олганини маълум қилди, бу ўтган йилга нисбатан 9 фоизга кўп, сотувлар бу йил Норвегия, Голландия ва Ҳиндистон каби давлатлардан буюртмалар келиб тушганлиги сабабли 1 миллиард евродан ошади. Компания ҳар бир акция учун 0,30 евро миқдорида дивиденд таклиф қилмоқда.
Renk компаниясининг бош ижрочи директори Сюзанна Виганднинг айтишича, компания «салоҳиятни кенгайтириш ва Ҳиндистонда маҳаллий ходимларни ўқитишни» режалаштирмоқда. У компания Ҳиндистон ҳукумати билан Arjun жанговар танкининг кейинги авлоди учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича “якуний музокаралар” олиб бораётганини тасдиқлади.
«Биз шунингдек, Хитойнинг Тайванга нисбатан амбицияларини кузатмоқдамиз, бу бизни Хитойдаги операциялар билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ундайди», дея қўшимча қилади у.
Айни пайтда, Rheinmetall немис қурол ишлаб чиқарувчиси 2024 йилдаёқ Украинада ўзининг биринчи зирҳли транспорт воситаларини ишлаб чиқармоқчи. Сўз Fuchs бронетранспортёри ва Lynx пиёдалар жанговар машиналарини ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда.
Шарҳлар