Демократик партия Камала Харрисни АҚШ президентлигига номзод этиб тасдиқлади
Демократик партия делегатлари АҚШ вице-президенти Камала Харрисни президентликка номзод этиб тасдиқлади, деб хабар бермоқда CNN. Овоз бериш 20 август куни кечқурун партиянинг Чикагодаги умуммиллий қурултойида бўлиб ўтди.
Камала Харрис қурултойда Висконсинда туриб видеоалоқа орқали чиқиш қилди. “Биз учун сизларнинг номзодларингиз бўлиш катта шарафдир. Бу кампания халқнинг кучига асосланган, ва биргаликда биз янги олға йўлни қурамиз”, — деди Харрис.
Камала Харрис ва унинг вице-президентликка номзоди, Миннесота губернатори Тим Уолц август бошида онлайн овоз бериш чоғида кўпчилик овозни қўлга киритиб, Демократик партиядан расмий номзодларга айланган эди.
Демократик партиянинг миллий қурултойи 19—22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтмоқда. Қурултойнинг сўнгги кунида Камала Харрис нутқ сўзлайди.
Шарҳлар