Татаристон Олий суди судьясининг фарзандлари АҚШ фуқаролигига эга экани маълум бўлди

Фото: рейтинг

Татаристон Олий суди судьяси Разван Юсуповнинг яқинларига нисбатан АҚШ фуқаролигини олиш ҳақида маълумот бермаганликда гумон қилиниб, жиноий иш очилди. Бу ҳақда телеграм каналларида пайдо бўлган маълумотни судьянинг ўзи ҳам Regnum нашрига тасдиқлади.

Кремлпараст Mash канали дастлаб Юсупов фарзандларининг Америка фуқаролиги ҳақида ёзган эди. Шу билан бирга, Mash судьянинг оиласи «эҳтиёткорлик билан яширган» ва Қозонда туғилганлик ҳақида гапирганини айтади.

Кейинроқ Юсуповнинг ўзи Regnum нашрига унинг фарзандлари Наиля ва Гаяз ҳақиқатдан ҳам АҚШ фуқаролари эканини айтган. Шу билан бирга, у бу ҳақда консулликни хабардор қилганини даъво қилмоқда.

“Улар Нью-Йоркда туғилган, рус тилига таржима қилинган тегишли туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари бор, уларга апостил қўйилган ва консуллик идорасига тақдим этилган. Бу билан хотиним шуғулланган”, – дейди Юсупов.

Судья унинг қариндошларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади, бироқ унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқ, деб ҳисоблайди.

Юсупов қиз номига Россия консуллиги томонидан берилган гувоҳноманинг суратини ҳам кўрсатди. Regnum материалида ўғил боланинг фуқаролигини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома йўқ. Mash  каналининг таъкидлашича, бу ишда судьянинг ўғли, шунингдек, боланинг онаси иштирок этган.

Судья Разван Юсупов аввалроқ Америка фуқаролигига эга бўлган “Озодлик радиоси” журналисти Алсу Курмашевани ҳибсга олиш муддатини узайтирган эди, деб ёзади The Insider нашри.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.