Татаристон ҳукумати ўсмирларни 14 ёшдан бошлаб мудофаа-саноат мажмуаси заводларида ишга жалб қилмоқчи

Фото: alki-rt

Татаристон ҳукумати ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича янги дастур ишлаб чиқди, деб ёзади “Коммерсант Казань”.

Ҳозирда ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда. У 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларни иш билан таъминлашни соддалаштириши, шунингдек, “ижтимоий хавфли вазиятдаги оилалар”нинг  фарзандларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиши зарур.

Ўтган йили Татаристон Давлат кенгаши Россия Меҳнат кодексига 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқаришларда ишлашга жалб қилиш имконини берадиган тузатишлар лойиҳасини тайёрлаганди. Ғоя “КамАЗ” ва ​​Татаристоннинг Елабуга районида жойлашган “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси томонидан қўллаб-қувватланди.

Ташаббус Россия Федерацияси Федерал Мажлисида Қонунчилар кенгаши томонидан кўриб чиқилди ва уни якунлаш тавсия қилинди. Ижтимоий фаоллар ва депутатларнинг танқиди туфайли тузатишларни кўриб чиқишни кейинга қолдиришга қарор қилинди.

2023 йилнинг ёзида “Алабуга”да ишлаётган талабалар фронт учун “Шахед” дронларини йиғишга жалб қилинаётгани маълум бўлганди. 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар кечаю-кундуз ишлашга, баъзан ухлаш ёки овқатланиш учун танаффусларсиз ишлашга мажбур бўлмоқда, ишлашдан бош тортиш эса ҳайдаш хавфини туғдиради.

2024 йил 2 апрель куни Татаристон уруш бошланганидан бери биринчи марта дронлар томонидан ҳужумга учради. Талабалар дронларни йиғишга мажбур бўлааётган “Алабуга”даги коллеж ётоқхонаси ҳужумга учради. 14 киши жабрланган, уларнинг барчаси талабалар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.