Зюганов президентнинг баъзи ёрдамчилари Москва мэри сайловларида Навальнийни “тахтга етаклагани”ни айтди
Россия Федерацияси коммунистик партияси (КПРФ) етакчиси Геннадий Зюганов Владимир Путин билан учрашувда 2013 йилда президентнинг “баъзи ёрдамчилари” мэр сайловларида қатнашган Алексей Навальнийни “тахтга етаклагани”ни айтди, деб ёзади Медуза.
“Сиз яқинда Навальний бўйича саволга жавоб беришга мажбур бўлдингиз. Жуда самимий жавоб бердингиз. Лекин Навальний ҳам осмондан тушиб қолмаган. Баъзи ёрдамчиларингиз уни бу тахтга етаклаганини кўрганман. Москвада уни номзод сифатида илгари суришганида мен келиб сўрагандим: “Нима қилаётганингизни тушуняпсизми? Сиз ҳозир махсус хизматлар яна мамлакатни, Москвадаги сайловчиларни портлатиш учун тайёрлаган одамларни қувиб юборяпсиз”, деб”, — деди Зюганов Путин ва Дума фракцияси етакчилари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда.
Унинг сўзларига кўра, шу тариқа 2013 йилда қарийб 900 мингтани (кимлигига аниқлик киритилмади) қувиб юборишган. “Кейин эса нима қилиш кераклигини ўйладик. Ҳозир янги цикл бошланяпти, ўхшаш вазият. У ҳеч кимга керак эмас. Мутлақо”, — дея қўшиб қўйди Зюганов.
Алексей Навальний қатнашган Москва мэри сайлови 2013 йил сентябрида бўлиб ўтганди. Расмий маълумотларга кўра, у 27,24 фоиз овоз тўплаб, иккинчи ўринни эгаллаганди. Сайловда шаҳарнинг амалдаги раҳбари Сергей Собянин 51,37 фоиз овоз билан ғолиб бўлганди.
Навальний Собяниннинг биринчи босқичдаги ғалабаси устидан судга мурожаат қилиб, ҳал қилувчи 1,37 фоиз овоз (агар номзод 50 фоиз ёки ундан камроқ овоз йиғса, иккинчи босқич белгиланади) сайловчиларни озиқ-овқатлар тўплами билан жалб қилиш ҳамда мэрия назорати остидаги матбуотдан ҳаддан ортиқ фойдаланиш ҳисобидан тўпланганини даъво қилди. Москва шаҳар суди Навальнийнинг даъвосини қондиришдан бош тортганди.
Шарҳлар