Эрон пойтахти Теҳрондан бошқа жойга кўчирилиши мумкин
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён маълум қилишича, Теҳрон шундай муаммолар билан тўқнаш келмоқдаки, уларни пойтахтни бошқа жойга кўчирмасдан туриб ҳал этиб бўлмайди. Унинг фикрича, республиканинг бош шаҳри жанубда жойлашиши керак, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Бизда иқтисодий ва сиёсий марказни мамлакатнинг жанубий қирғоқларига кўчиришдан бошқа йўл йўқ… Хомашёни жанубдан ва қирғоқбўйидан марказга етказиб бериш, тайёр маҳсулотни яратиш ва уни экспорт учун жанубга қайта юбориш бизнинг рақобатбардошлилигимизни аҳамиятли даражада пасайтиради”, — деди Пезешкиён.
Президентнинг фикрича, ҳукумат биринчи қадамни ташлаши керак, токи одамлар унга эргашсин. Теҳрондаги муаммолар қаторида у сув танқислиги, ҳавонинг ифлосланиши ва тупроқ чўкишини айтиб ўтди.
Теҳрон — Эрондаги энг йирик шаҳар. Унинг аҳолиси 13 миллион кишидан ошади. 1795 йилдан буён пойтахт бўлиб келмоқда. Пойтахтни бошқа жойга кўчириш аввал ҳам бир неча марта муҳокама қилинган.
Шарҳлар