Тель-Авивдаги синагога ёнида портлаш содир бўлди
18 август куни кечқурун Тель-Авивдаги синагога яқинидаги Лехи кўчасида портлаш содир бўлди. Исроил полицияси ва “Шин Бет” хавфсизлик агентлиги бу “юқори кучли портловчи” ёрдамида терактга уриниш деган хулосага келди.
Портлаш натижасида бир киши, 50 ёшли эркак ҳалок бўлган. У кузатув камераларига тушиб қолган. Ёзувларда унинг орқасида рюкзак ва унинг ўлимига сабаб бўлган портловчи моддалар бўлганини кўрсатади. “Кан” армияси радиосига кўра, қурбон фаластинлик бўлиб, у Ғарбий Соҳилда жойлашган Наблус шаҳри ҳудудидан келган.
Портлаш оқибатида яна бир киши жабрланган — скутерда ўтиб кетаётган 33 ёшли эркак ўртача даражада тан жароҳати олган.
Ynet порталининг қайд этишича, портлаш шом намози вақтида, синагогада ўнлаб одамлар бўлган пайтда содир бўлган. Портлаш қасддан қилинганми ёки негадир террорчи нишонга етиб улгурмасдан содир бўлганми, ҳозирча номаълум.
Хамаснинг ҳарбий қаноти портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Террорчи гуруҳ баёнотида ҳужум Фаластин Исломий Жиҳоди билан биргаликда режалаштирилгани ва бу худкушлик ҳужуми эканини таъкидлади.
Тель-Авивнинг Аялон тумани полицияси раҳбари Хаим Бобалилнинг сўзларига кўра, террорчи яқин атрофдаги синагога ёки савдо марказини портлатмагани мўъжиза бўлган. «Бу ўнлаб одамларнинг ўлимига олиб келиши мумкин эди», дея қўшимча қилади у.
Шарҳлар