Дуров Telegram Россия ҳукумати назорати остида эканини рад этди
Telegram Россия ҳукумати назорати остида экани ҳақидаги маълумотлар унга қандай асос солинганидан бехабар одамлар томонидан тарқатилмоқда. Бу ҳақда мессенжер бош директори Павел Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида айтиб ўтди. Тадбиркор қайд этишича, ушбу миш-мишлар Telegram’нинг мессенжер аудиторияси ўсиб бораётганига эътибор қаратаётган рақобатчилари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
“Буни Telegram қандай келиб чиққани ҳақида жуда чекланган маълумотга эга одамлар гапириши мумкин. Уларни эса бизнинг рақобатчиларимиз рағбатлантиради, Telegram ўрмон ёнғини тезлигида тарқалаётгани учун улар шу йўл билан бизни обрўсизлантирмоқчи бўлади”, — деди Павел Дуров.
Унинг сўзларига кўра, Telegram’да ҳар куни 2,5 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтиб, уларнинг умумий сони эса 900 миллион кишига етган бир пайтда, у маркетингга “бир доллар ҳам” сарфламайди.
Интервьюда Павел Дуров Telegram’ни яратиш ғояси унда ҳали Россияда яшаётган пайтида пайдо бўлгани, мулоқот учун хавфсиз ва мустақил платформа ишлаб чиқиш истаги билан боғлиқ бўлганини айтди. Етти йил аввал эса 2013 йилда ишга туширилган мессенжернинг бош офиси Дубайда очилганди. Дуров аниқлик киритишича, бу қарор БААнинг “сиёсий бетарафлиги” ҳамда маҳаллий ҳукумат томонидан босим йўқлиги билан боғлиқ бўлган.
Шарҳлар