Телеграм украиналиклар учун асосий янгиликлар манбаига айланди – тадқиқот
InMind компанияси томонидан Internews Network буюртмаси бўйича ўтказилган сўровга кўра, Украина аҳолисининг 84 фоизи янгиликларни ижтимоий тармоқлар орқали олади ва уларнинг орасида етакчи платформа Телеграм ҳисобланади. Сўралганларнинг 81 фоизи мулоқот учун, 73 фоизи эса янгиликлар манбаи сифатида ушбу платформадан фойдаланади.
Урушлар худуди ва қўшни ҳудудларда яшовчилар орасида Телеграм-каналлар асосий ахборот манбаи ҳисобланади, чунки улар фронтдаги вазият ва эҳтимолий таҳликалар ҳақида маълумот беради.
Қизиқ томони, украиналикларнинг 11 фоизи Россия оммавий ахборот воситаларини кузатади, 15 фоизи эса бу яқинлари томонидан амалга оширилишини қайд этган. Буни асосий сабаблари – Украинадаги вазиятни Россия ОАВлари қандай ёритаётганини тушуниш (41%) ва мутлақо фарқли нуқтаи назарни олиш истаги (22%). Шунга қарамай, Россия ахборот манбаларига ишонч паст даражада қолмоқда.
Украиналикларнинг анъанавий ОАВларга ишончи биринчи марта босқин бошланганидан буён 50 фоиздан пастга тушди ва 47 фоизни ташкил этди. Сўралганлар учун энг ишончли манбалар оила аъзолари (85%), дўстлар (76%) ва ҳамкасблар (60%) ҳисобланади.
Шарҳлар