Путин “Крокус”даги теракт ташкилотчилари кимлигини айтди

путин
Фото: Коммерсант

Москванинг “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт буюртмачиларининг излари Украинага олиб бормоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 25 март куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Киев режими ва унинг ғарблик ҳомийлари — бундан манфаатдор бўлган ягона томон, экстремистлар эса мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида бундай ишга қўл урмаган бўларди.

Йиғилишда мансабдорлар ҳодиса тафсилотларини ошкор қилди, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин хронологияни қайта тиклади.

Путин 22 март кунги ҳодиса юзасидан суриштирув “олий даражада профессионал тарзда, холисона ва сиёсий тарафкашликларсиз” олиб борилишини талаб қилди.

“Жиноят экстремистлар қўли билан содир этилган, бу мафкура билан ислом дунёси асрлардан буён курашиб келмоқда. Аммо кўряпмизки, АҚШ турли каналлар орқали ўз иттифоқдошларини ва бошқа мамлакатларни, ўз разведка маълумотларига кўра, Москвадаги терактда гўёки Киевнинг қўли йўқлигига ишонтирмоқчи бўляпти, қонли терактни экстремистлар, ИШИД аъзолари уюштирганини айтмоқда”, — деди Путин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.