Италияда туғилиш сони кескин камайиб кетди

Фото: imlearningitalian.com

Италия социологлари ва демографлари мамлакат аҳолисининг қариши ва туғилиш даражасининг камайиб бораётганидан чуқур хавотирда. Кўпчилик Жоржи Мелони ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли эмас ва мамлакат тез орада демографик таназзулга юз тутиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Сўнгги йилларда бутун Европада туғилишнинг пасайиши кузатилмоқда. Бу муаммо айниқса Италияда кескин тус олмоқда. Мамлакат Европа Иттифоқида энг паст туғилиш даражасига эга. Қолаверса, маҳаллий аҳоли ҳамжамиятнинг қолган қисмига қараганда анча тез қарияпти.

“Ҳокимиятнинг усуллари, айниқса улар томонидан ишлаб чиқилаётган аборт тўғрисидаги қонун лойиҳаси социологлар ва маҳаллий нодавлат ташкилотлар томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда”, – дейилади хабарда.

Буни Римда демографик масалаларга бағишланган икки кунлик конференция яққол кўрсатган. Иштирокчилар мамлакатда “фавқулодда вазият” мавжуд деган фикрга келишган.

Агар бу тенденция давом этса, ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Италиянинг 59 миллион аҳолиси қарийб 1 миллион кишига қисқаради.

Италия Миллий Статистика бошқармаси (ISTAT) маълумотларига кўра, 2022 йилда туғилишнинг умумий коэффициенти (яъни, бир аёлга тўғри келадиган болалар сони) 1,24 ни ташкил этган бўлса, бир йилдан кейин у 1,2 га тушган.

Аҳолининг қариши эса пенсия тизими ва соғлиқни сақлаш соҳасига катта юк бўлмоқда.

“Италиядаги вазиятнинг асосий хусусиятларидан бири шундаки, инқироз узоқ йиллар давом этган. 2008 йилдан бери янги туғилган чақалоқлар сони 200 мингга камайди. Кўпгина ҳолларда, бу потенциал ота-оналар сонининг камайиши билан боғлиқ. Бу 30 йил аввал бошланган туғилиш даражасининг пасайиши билан изоҳланади”, – деди ISTAT бош директори Сабрина Прати.

Ўтган йили мамлакат ҳукумати аёлларга бир вақтнинг ўзида бола тарбияси ва меҳнатини бошқаришга ёрдам бериш чора-тадбирларига қарийб 1 миллиард евро ажратган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.