The Insider: Молдова бош штабининг собиқ раҳбари телеграм орқали Россия разведкасига махфий маълумотларни узатган
Молдова Бош штабининг собиқ бошлиғи Игорь Горган мунтазам равишда Россия Бош разведка бошқармасига (БРБ) махфий маълумотларни бериб турган. Бу ҳақда амалдорнинг телеграмдаги ёзишмаларидан фойдаланиш имконига эга бўлган The Insider хабар беради.
Ёзишмаларга кўра, Горган ва БРБ полковниги Алексей Макаров 2022 йил апрель ойида, яъни Украинада уруш бошланганидан кейин фаол мулоқот қилишни бошлаган. Макаровни, айниқса, Киев қўшни давлатлар, жумладан, Молдовадан қандай қурол сотиб олаётгани қизиқтирган. Горган унга бу маълумотларни тақдим этган.
Горган, бошқалар қатори, Макаровга Молдовадан Одесса областига йўл олган ёнилғи поездлари ҳаракати ҳақида ҳам маълумот берган: «Ёқилғи солинган поезд фақат тунда ҳаракатланади, кундузи эса русларнинг нишонига айланмаслик учун ҳаракатсиз туради».
Бундан ташқари, Горган Макаровга Молдовада Россия қўшинларининг киришига тайёр эканликлари ҳақида бир неча бор ёзган:
“Биз зудлик билан мамлакатни барча фашистик ахлатлардан тозалашимиз керак!!! Кўпчилик тайёр. Буни етказинг… Вақт келди. Мен армиядаги бутун вазиятни назорат остида ушлаб турибман … Бу ерда, хайриятки, “Азов” ёки бошқа миллий тузилмалар йўқ, сиёсатчиларнинг эса танобини тез тортиб қўямиз».
Горган 2013 йилда Молдова Бош штаб бошлиғи лавозимини эгаллаган, аммо Мудофаа вазири билан зиддият туфайли департаментни тарк этган. 2019 йилда россияпараст сиёсатчи Игорь Додон президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Горган яна Бош штабга раҳбарлик қилди. 2021 йилда президент Майя Санду уни ишдан бўшатди.
Шу билан бирга, Горганнинг телеграммадаги хабарларига ишониладиган бўлса Молдова Мудофаа вазирлигида унинг одамлари қолган, улар унга маълумот бериб туришяпти.
Шарҳлар