The New York Times нашри OpenAI ва Microsoft компанияларини судга берди
The New York Times нашри OpenAI ва Microsoft компанияларини судга бериб, уларни нашрнинг мақолаларидан чатботларни ўқитишда фойдаланганликда айблаб, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик юзасидан шикоят қилган.
Газетанинг ChatGPT ни ишлаб чиққан компанияга қарши даъво аризасида товон пулининг аниқ миқдори кўрсатилмаган, бироқ айбланувчилар нашр материалларидан ноқонуний фойдаланиш туфайли кўрган “миллиардлаб долларлик зарар” учун жавобгарликка тортилиши кераклиги айтилган.
The New York Times нашрининг таъкидлашича, апрель ойида улар OpenAI ва Microsoft билан унинг интеллектуал мулкидан ноқонуний фойдаланиш борасида боғланишган, бироқ компаниялар ҳеч қандай келишувга эриша олмаган.
OpenAI матбуот котиби Линдси Хелд The Verge нашрига NYT даъвосидан «ҳайратда ва ҳафсаласи пир бўлганини» айтади, чунки компаниялар «самарали ва конструктив» мунозараларда бўлишган. Microsoft ҳозирча даъвога изоҳ бермади.
Сентябрь ойида Муаллифлар гильдияси OpenAI компаниясини муаллифлик ҳуқуқини бузишда ва «катта миқёсдаги тизимли ўғирликда» айблаганди. Хусусан, даъво аризасида ChatGPT ни ўқитиш учун ишлаб чиқувчилар “қароқчи” электрон кутубхоналардан юклаб олинган китоблардан фойдаланганлиги айтилган.
Шарҳлар