The Wall Street Journal: Виктор Бут қурол савдосига қайтди

Фото: РБК

Қўшма Штатларда қурол савдоси иши бўйича судланган ва америкалик баскетболчи Бриттни Грейнер билан алмашиш натижасида Россияга қайтган Виктор Бут яна қурол савдоси билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Европа расмийси ва вазиятдан хабардор бошқа манбаларга таяниб The Wall Street Journal ёзади.

Нашр маълумотларига кўра, Бут 2024 йил августида Москвада яманлик ҳутийларга 10 миллион долларга Калашников автоматларини сотиш бўйича келишувда иштирок этган. Қуролларни октябрь ойида етказиб бериш бошланиши кутилмоқда, қуроллар озиқ-овқат ниқоби остида Яманнинг Ходейда портига боради.

The Wall Street Journal Москвага ўғит ва машина сотиб олиш баҳонасида келган икки ҳутий вакили билан тузилган шартномада Бутни воситачи сифатида кўрсатади.

Келишувдан хабардор манбалар ҳутийлар билан музокаралар Кремль кўрсатмаси бўйича олиб борилганми ёки фақат “унинг сўзсиз розилиги” билан олиб борилганми – буни  билишмайди. Журналистлар режалаштирилган таъминотнинг конкрет манбасини аниқлай олмаганликларини ҳам таъкидламоқда.

The Wall Street Journal суҳбатдошларига кўра, ҳутийлар Россия қуролларининг бошқа турлари – танкга қарши ракеталар ва зенит қуролларига ҳам қизиқиш билдиришган.

Виктор Бут “РБК”га берган изоҳида The Wall Street Journal нашрини Владимир Путиннинг туғилган кунига бағишланган сохта маълумот деб атади. “Менинг позициямга келсак, бу шундай – мен ҳутийлар ўзларининг ресурслари етарли эмаслигига қарамай, ўз вазифаларини жуда моҳирлик билан бажаришларига ишонаман. Улар, ҳеч бўлмаганда, сўнгги бир йил ичида Американинг 10 дан ортиқ разведка дронларини уриб туширишди ва шунинг учун америкаликлар ёки исроилликларга тегишли барча савдо кемалари Қизил денгизга ўтишда катта қийинчиликларга дуч келишмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, оммавий ахборот воситаларининг кўзга ташланадиган шахслари йўқлиги сабабли, Америка оммавий ахборот воситалари ўзлари илгари сурган, кенг жамоатчиликка маълум бўлган «қурол барони» брендидан ва менинг исмимдан фойдаланмоқда. Буларнинг барчаси жамоатчилик эътиборини уларнинг нашрига кўпроқ жалб қилиш ва нашрнинг, афтидан, пасайган рейтингини ошириш учун қилинаётгани аниқ», – деган у.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.