Times: Россия Британия мудофаа вазирининг самолётида GPS-сигнални тўсиб қўйган бўлиши мумкин

Фото: pexels.com

Россия ҳукумати Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппснинг самолёти Россия ҳудуди яқинида учиб ўтаётганда GPS сунъий йўлдош сигналини тўсиб қўйган бўлиши мумкин, дея хабар беради Times газетаси.

Ҳодиса Шаппс НАТОнинг йирик машғулотларини кузатаётган Польшадан Dassault Falcon қироллик ҳарбий ҳаво кучлари самолётида қайтаётганида содир бўлган.

Самолёт Калининград яқинида парвоз қилганида, 30 дақиқа давомида сунъий йўлдошлар билан алоқа бўлмаган. Натижада учувчилар самолётнинг жойлашувини аниқлаш учун муқобил усуллардан фойдаланишга мажбур бўлган.

Самолётлар GPS сигнали бўлмаганида хавфсиз парвозни давом эттириши учун бир нечта навигация тизимларидан фойдаланади, деб ёзади Times.

«Қироллик ҲҲК ушбу муаммони ҳал қилишга яхши тайёр бўлса-да, у ҳали ҳам фуқаролик самолётларини кераксиз хавф остига қўяди ва ҳаётни хавф остига қўйиши мумкин. Буни оқлаб бўлмайди, бу Россия томонидан ўта масъулиятсизликдир”, — дейди мудофаа вазирлигидаги манба нашрга.

Британиянинг Кипрдаги базасидан ҳавога кўтарилган самолётлар Сурияда жойлашгани тахмин қилинаётган рус техникаларининг аралашувига мунтазам дуч келади, бироқ бу юқори мартабали амалдорлар билан камдан-кам содир бўлади, дея қайд этади Times.

Россия расмийлари воқеага изоҳ бермади. Британия Мудофаа вазирлиги ҳам изоҳ беришдан бош тортди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.