Ғазо секторида тинчликка эришилса, Эрон Исроилга ҳужумни кечиктиради
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан музокараларда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилсагина, Эрон Исроилга ҳужумни кечиктириши мумкин, деб ёзади Reuters эронлик мансабдорларга таяниб. Ғазо секторидаги уруш бўйича музокаралар 15 август куни бўлиб ўтиши керак.
Манбалардан бири айтишича, агар Ғазо сектори бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланса ёки Исроил музокараларни чўзса, Эрон Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан биргаликда Исроил ҳудудига ҳужум қилишни режалаштирмоқда. Эрон сўнгги кунларда Ғарб мамлакатлари, шу жумладан, АҚШ билан эҳтимолий жавоб чоралари ҳақида мулоқот олиб бормоқда.
Теҳронда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ўлдирилганидан кейин Эрон Исроилга нисбатан кенг кўламли зарба беришни ваъда қилган эди. Ҳужум яқин кунларда амалга ошиши мумкин. Исроил ўз қўшинларини юқори жанговар шайлик ҳолатига келтириб қўйган.
Шарҳлар