Зеленский Путин кейинги тинчлик саммитида қатнашишини истисно қилмади
Украина президенти Владимир Зеленский 3 июль куни эълон қилинган Bloomberg нашри билан интервьюсида Россия президенти Владимир Путин Украина томонидан ташкил қилинадиган кейинги тинчлик саммитига таклиф этилиши мумкинлигини истисно қилмади, деб ёзади Медуза.
Шу билан бирга, Зеленский агар Россия ва Украина музокаралар бошлаш усулини топишга муваффақ бўлса ҳам, у Путин “яқин орада” уларда қатншишини кутмаётганини айтди, чунки Россия президенти “жуда қўрқиб қолганидан келолмайди” деб ҳисоблайди.
Зеленскийнинг фикрича, уруш “Украина ва бутун дунё учун адолатли тарзда якун топиши” учун АҚШ ва Хитой “ихтилофларни бир чеккага суриб қўйиб”, биргаликда воситачилар ролини бажариши керак.
Зеленский таъкидлашича, Хитой урушни тартибга солишда “жиддий рол”ни ўйнаши керак, чунки Россия Хитой экспорт бозорига жуда боғлиқ. Украина президенти Хитой раиси Си Цзиньпиндан битта қўнғироқ Украинадаги инқирозга нуқта қўйиши мумкин, дея маълум қилган Финляндия президенти Александр Стуббнинг фикрига қўшилди.
Швейцарияда 15—16 июнь кунлари Украина ташаббуси билан тинчлик саммити бўлиб ўтди, унда Киевнинг “тинчлик формуласи” муҳокама қилинди. Саммитда 90 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди, аммо Россия унга таклиф қилинмади, натижада Хитой ҳам унда иштирок этишдан бош тортди.
Шарҳлар