Тожикистон ўз фуқароларининг Россиядаги терактга алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқаролари Подмосковедаги терактга алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади.
“Тожикистон томони айни пайтда тарқалиб кетган, Тожикистон фуқаролари терактга алоқадорлиги ҳақидаги фейк хабарлар ҳақида Россия расмий маъмурларидан тасдиқ олмаган. Шу муносабат билан, Россия давлат органлари томонидан тарқатилаётган расмий ахборотга таянишни сўраймиз”, — дейилади мамлакат ТИВ хабарида.
Шунингдек, текширилмаган ва ёлғон хабар тарқатиш айни пайтда мамлакатдан ташқарида бўлган Тожикистон фуқароларига зарар етказиши мумкинлигини эътиборга олиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Брянск вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт юзасидан қидирилаётган автомобилни тўхтатгани хабар берилган эди. Машинада, дастлабки маълумотларга кўра, олти киши бўлган, уларнинг икки нафари қўлга олинган, қолганлар қочиб кетган. Тожикистон фуқаролари қўлга олинган, дейилади хабарда.
22 март куни кечқурун “Крокус Сити Холл”да юз берган терактда, расмий маълумотларга кўра, 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 140 дан зиёд киши жабрланган. “112” Telegram-канали келтираётган норасмий маълумотлар бўйича эса, 82 киши ҳалок бўлган ва 183 киши жабрланган.
Шарҳлар