АҚШ Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида тўлиқ кўламли уруш юзага келишидан хавфсирамоқда
АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятида Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасидаги низо кучайиб кетиши хавфи туфайли хавотир ошмоқда. Бу ҳақда Politico америкалик мансабдорларга таяниб ёзмоқда. Воқеалар ривожининг эҳтимолий вариантларидан бири сифатида Оқ уй тўлиқ кўламли минтақавий уруш юзага келишини кўриб чиқмоқда.
Минтақада содир бўлган сўнгги ҳодисалар — Ливанда “Ҳизбуллоҳ” пейжер ва рацияларининг портлаши, ўққа тутишлар, шиалар ташкилоти қўмондонининг ўлдирилиши — Оқ уйда Исроил ҳарбий кампанияси янги босқичининг бошланиши сифатида кўриб чиқилмоқда. Америкалик мансабдорлар Вашингтон кескинлик янада кучайиши олдини олиш учун Исроил вакиллари билан музокаралар олиб бораётганини айтди.
Бироқ АҚШ вазият ёмонлашишини кутмоқда, дейди Politico манбалари. Исроил масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва Ливан ҳудудидан ўқ ёғдирилиши туфайли шимолдан сиқиб чиқарилган исроилликларни қайтариш учун “Ҳизбуллоҳ”га босим ўтказмоқчи эканини тушунтирган.
Шу билан бирга, Оқ уй низони тинч йўл билан ҳал қилиш имконияти борлигини қайд этмоқда. “Исроил ва Ливан чегарасидаги уруш муқаррар эмас ва биз унинг олдини олиш учун бор кучимизни ишга солишда давом этамиз”, — деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашида стратегик коммуникациялар бўйича координатор Жон Кирби журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари фойдаланаётган юзлаб пейжерлар ёппасига портлади. 18 сентябрь куни мамлакатда бошқа электрон ускуналар — ноутбуклар, рация ва портатив алоқа воситалари портлай бошлади. 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, минглаб кишилар жабрланди. “Ҳизбуллоҳ” ҳужумда Исроилни айблади. Ливан билан чегарага ЦАХАЛ дивизияси жойлаштирилди. Кейинроқ “Ҳизбуллоҳ” Исроил шимоли бўйлаб ёппасига зарбалар берди, исроиллик ҳарбийлар эса ҳаракат қўмондони Иброҳим Оқил йўқ қилингани ҳақида хабар берди.
Шарҳлар