Telegram’да танишув сервиси пайдо бўлди
Telegram мессенжерида TON блокчейнида ишлаб чиқилган TON Dating танишув хизмати пайдо бўлди, деб ёзади Медуза “Дуров коди” профиль нашрига таяниб.
Илова ишлаб чиқувчилари таъкидлашича, унинг ҳар бир потенциал иштирокчиси кўп босқичли шахс верификациясидан ўтади, унинг алгоритми онлайн-банкингда қўлланиладиган хавфсизлик тизимларига ўхшатиб ишлаб чиқилган. Бу ботлар ва сохта аккаунтлардан ҳимояланиш имконини беради.
Сервисда рўйхатдан ўтиш аёллар учун бепул бўлади, эркаклар учун эса 2500 Telegram Stars виртуал валютаси бирлигида бўлади (тахминан 66 доллар).
Сервис яратувчилари 2027 йилга келиб, сервиснинг фаол фойдаланувчилари сони бир миллион кишидан ошишини кутмоқда. Унинг аудиториясини асосан МДҲ давлатлари, Яқин Шарқ, Европа ва Осиё аҳолиси ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
“РБК” ёзишича, сервис “ВК Танишувлар” собиқ раҳбари Владимир Махов томонидан асос солинган. “Сервис Telegram жамоаси томонидан ишга туширилган деб айтолмаймиз. Мен TON’да бир нечта лойиҳаларга асос солганман, бу марказлашмаган блокчейн бўлиб, у ерда исталган одам, шу жумладан, бизнинг жамоамиз ҳам лойиҳа ишкаб чиқиши мумкин”, — деди Махов.
Шарҳлар