Эрдўғон давлат тўнтариши хавфи туфайли фавқулодда йиғилиш ўтказди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон давлат тўнтариши хавфи ҳақида маълумотлар пайдо бўлганидан кейин куч тузилмалари раҳбарлари билан шошилинч йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда Тürkiye газетаси.
Аввалроқ Анқара хавфсизлик бошқармасидан бир қатор ходимлар ишдан бўшатилган эди. Улар “Айхан Бора Каплан” жиноий ташкилоти билан алоқаларда айбланган. Ишдан ҳайдалган полициячиларнинг уйларида рақамли материалларни мусодара қилиш мақсадида тинтувлар ўтказилган.
Президентнинг сафдоши, Миллий ҳаракат партияси раиси Давлат Бахчели парламентдаги фраксия мажлисида маълум қилишича, ҳодиса Эрдўғонни ҳокимиятдан ағдариш мақсадидаги фитнадан гувоҳлик бериши мумкин. Шу муносабат билан Бахчели ҳукуматни бир нечта полициячини четлатиш билан чекланиб қолмасликка чақирди.
Нашр маълумотларига кўра, Бахчелининг баёнотидан кейин Эрдўғон президент қароргоҳида мамлакат адлия вазири Йилмаз Тунж ва Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин билан шошилинч тунги учрашувни ўтказган.
Шарҳлар