Тўқаев Россиядаги терактдан кейин Хавфсизлик кенгаши мажлисини ўтказади
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россияда “Крокус Сити Холл” консерт залида юз берган теракт муносабати билан чора-тадбирлар бўйича Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан мажлис ўтказади, деб хабар бермоқда Tengrinews.
Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши конституциявий орган бўлиб, у Президент томонидан ташкил қилинади ҳамда мамлакат миллий хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини мувофиқлаштиради. Хавфсизлик кенгаши раиси президентдир.
Аввалроқ Тўқаев Қозоғистон Москвада тинч аҳолига қарши содир этилган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралашини маълум қилганди.
Шунингдек, давлат раҳбари топшириғи билан Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари зарурият туғилса Россия ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам кўрсатиши айтилганди.
22 март куни кечқурун “Крокус Сити Холл”да юз берган терактда, расмий маълумотларга кўра, 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 140 дан зиёд киши жабрланган. “112” Telegram-канали келтираётган норасмий маълумотлар бўйича эса, 82 киши ҳалок бўлган ва 183 киши жабрланган.
Шарҳлар