Тошкентга учаётиб Афғонистонда ҳалокатга учраган Россия самолётидан 1,2 млн доллар ўғирлаб кетилган
Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ҳалокатга учраган Россия самолётидан 1,2 миллион доллар пул ўғирланган, дея хабар бермоқда Hasht e Subh газетаси маҳаллий манбаларига таяниб.
“… Ушбу суммадаги маблағ ўғирланганидан кейин Бадахшон вилоятидаги толиблар губернатори Муҳаммад Аюб Халид ушбу иш бўйича фактларни аниқлаш ва суриштирув олиб бориш учун комиссия тузди”, — дейилади хабарда.
Бу комиссияга “Толибон” разведкасининг Бадахшон вилоятидаги бош бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади.
Воқеа жойига биринчи бўлиб келган гуруҳ толиблар қуролли кучлари штаби бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитратга алоқадор бўлган, дея маълум қилган манбалар.
На “Толибон”, на Россия ҳозирча бу ахборотни изоҳлагани йўқ.
Гая (Ҳиндистон) — Тошкент — Жуковский (Россия) йўналиши бўйича чартер санитар рейсини амалга ошираётган самолёт 21 январь, якшанбага ўтар кечаси Афғонистон шимоли-шарқида радарлардан ғойиб бўлган эди. Falcon 10 бортида олти киши — тўрт нафар экипаж аъзоси ва икки йўловчи бўлган.
Аввалроқ “Росавиация” Россиянинг Кобулдаги элчихонасига таяниб, ҳалокат жойида тўрт киши тирик ҳолатда топилганини маълум қилганди.
Шарҳлар