Тожикистонда «Крокус»даги теракт иши бўйича 9 киши ҳибсга олинди
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 22 март куни Москвадаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган терактда гумон қилинаётган ва «Исломий давлат» (Тожикистонда таъқиқланган) террорчилик ташкилоти билан алоқада бўлгани учун камида 9 кишини қўлга олди. Бу ҳақда «Голос народа» нашри «Азия-Плюс»га асосланиб хабар беради.
Тожикистон хавфсизлик идораларидаги манба «Азия-Плюс»га уларнинг барчаси Ваҳдат шаҳри аҳолисидан эканлигини тасдиқлаган. Ҳибслар шу ҳафтада амалга оширилган.
Тожикистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари россиялик тергов ходимлари билан биргаликда ҳибсга олинганларнинг қариндошларини сўроқ қилишган. Манбанинг маълумотига кўра, айримларини озодликка чиқаришган, бошқаларини ҳали ҳам тергов қилишмоқда.
Гумондорлардан бири, Саидакрам Ражабализода келиб чиқиши Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳридан. Теракт содир этилганидан сўнг, Тожикистон ҳукумати унинг онаси, укаси, хотини ва икки амакисини Душанбеда сўроқ қилган.
Ҳозирча Ваҳдатда қўлга олинган 9 киши Саидакрам Ражабализода ва Москвадаги терактда гумон қилинаётган бошқа шахслар билан қандай алоқада эканлиги аниқ эмас.
Шарҳлар