Тожикистонда журналист Рухшона Ҳакимова “давлатга хиёнат қилиш”да айбланди

Фото: социальные сети

Тожикистонда 31 ёшли журналист Рухшона Ҳакимова “давлатга хиёнат”да (Жиноят кодексининг 305-моддаси) айбланди. Бу иш бўйича суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда, деб ёзади “Озодлик” радиосининг тожик хизмати манбаларга таянган ҳолда.

Уларнинг сўзларига кўра, иш мамлакат Бош прокуратураси томонидан 2024 йилнинг июлида очилган ва айбловга журналистнинг Тожикистонга Хитойнинг таъсири мавзусида ўтказган сўрови сабаб бўлган.

Қайд этилганидек, унинг респондентлари орасида Демократик партиянинг собиқ раиси Саиджаъфар Усмонзода ва социал-демократик партия раҳбарининг ўринбосари Шокиржон Ҳакимов (у журналистнинг амакиси) ҳам бўлган. Иккала сиёсатчи ҳам ноябрь ойи ўрталарида матбуот учун ёпиқ бўлган суд жараёнида «тўнтаришга уриниш» иши бўйича айбланмоқда.

“Озоди” маълумотларига кўра, Рухшона Ҳакимова беш ойлик чақалоғи борлиги учун уй қамоғида. Шу билан бирга, журналистнинг ички ва хорижий паспортлари олиб қўйилган. У адвокати каби ОАВ билан мулоқотдан қочади.

Аввалроқ Ҳакимова Тожикистон Журналистик суриштирувлар маркази ва айрим халқаро медиа ташкилотларида ишлаган.

Саиджаъфар Усмонзода ва Шокиржон Ҳакимов 2024 йилнинг ёзида ҳибсга олинган эди. Улар билан бирга “тўнтаришга уриниш” иши бўйича бир қатор амалдаги ва собиқ ҳукумат амалдорлари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари, Тожикистон Олий Кенгашининг собиқ раиси ва бошқалар ҳибсга олинган.

Мавжуд маълумотларга кўра, судланувчиларга турли айбловлар, жумладан, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уриниш (Жиноят кодексининг 306-моддаси), миллий ва диний адоватни қўзғатиш (Жиноят кодексининг 189-моддаси), фирибгарлик (ЖКнинг 247-моддаси) ва давлатга хиёнат қилиш (Жиноят кодексининг 305-моддаси) бўйича айбланмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.