Тожикистоннинг 24 нафар фуқароси уч йил ичида дунёнинг 10 та мамлакатида террорчилик ҳаракатларида қатнашгани қайд этилди
Тожикистон президенти сўнгги уч йил ичида қанча фуқаро террорчилик жиноятларини содир этганини маълум қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарига кўра, президент мавжуд маълумотлар бўйича Тожикистоннинг 24 нафар фуқароси сўнгги уч йил ичида 10 та давлатда террорчилик ҳаракатларини, жумладан, оломон орасида портлаш содир этганини таъкидлаган.
Президент ўз жонига қасд қилиш ислом дини асосларига зид бўлган гуноҳ эканини эслатади.
“Қуръони карим «Бақара» сурасининг 95-оятида шундай дейилган: “… ўз қўлинг билан ўзингни ҳалок қилма”, – дедилар.
Давлат раҳбари бундай хатти-ҳаракатлар кўпинча бошқа мамлакатлардаги манфаатдор гуруҳлар ва разведка идоралари томонидан ўйлаб топилаётгани, ёшларнинг билимсизлиги ва тажрибасизлигидан фойдаланаётганини алоҳида таъкидлаган.
Президент Олий суд қарорлари билан мамлакатда 28 та экстремистик ва террористик ташкилотнинг фаолияти тақиқланган бўлса-да, бундай партиялар ва ҳаракатларга аъзо бўлиш ҳолатлари ҳамон учраб туришини қайд этган.
Шунингдек президент сўнгги 10 йилда мамлакатда экстремистик ва террористик характердаги 6 минг 680 та жиноят, жумладан, 86 та террорчилик ҳаракати ва унга суиқасд аниқланиб, рўйхатга олинган, 11 та террорчилик ҳаракати ва суиқасднинг олди олинган.
Имомали Раҳмон тожикистонликларнинг қайта-қайта ҳаж қилаётганидан норози эканини аввалроқ ёзган эдик.
Шарҳлар