Трамп ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топилди
Нью-Йоркда маслаҳатчилар ҳайъати собиқ президент Дональд Трампни порноактриса Сторми Дэниелсга пул тўлаганини бекитиш учун ҳужжатларни сохталаштириш ҳақидаги иш доирасида 34 та айблов бандининг барчаси бўйича айбдор деб топди. Иш бўйича ҳукмни судья 11 июлга белгиланган суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Трамп тўрт йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин, аммо у айбига иқрор бўлмаяпти, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Маслаҳатчилар музокаралари 30 май куни бошланиб, 11 соат давом этди. Собиқ президентда айблов қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи бор. Суд жараёнида иштирок этиш унга 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президенти сайловига номзодини қўйишга халал бермайди. Дональд Трамп жиноят иши бўйича судланган илк АҚШ собиқ президентига айланди.
“Бу қалбакилаштирилган, шармандали жараён бўлди. Ҳақиқий ҳукмни фуқаролар 5 ноябрь куни чиқаради. Улар бу ерда нима юз берганини билади, буни ҳамма билади. Мен айбсиз одамман, ҳаммаси жойида. Мен мамлакатимиз учун курашяпман. Конституциямиз учун курашяпман”, — деди собиқ президент суддан чиқишда.
2018 йил январида The Wall Street Journal Трамп 2006 йилда порноактриса Сторми Дэниелс билан алоқада бўлиб юргани, 2016 йилги президент сайловларидан аввалроқ эса бу ҳақда оғиз очмаслик учун унга 130 минг доллар тўлагани ҳақида хабар берганди. Тўловнинг ўзи қонунбузарлик ҳисобланмайди, бироқ собиқ президент сарфланган маблағни суд харажатлари сифатида расмийлаштирган. Прокуратура буни қалбакилаштириш деб баҳолади.
Шарҳлар