Нетаньяху шу ҳафта Трамп билан учрашиши мумкин
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 23 июль куни ташриф билан АҚШга боради ва у ерда мамлакат президенти Жо Байден билан учрашади. Politico газетаси ўз манбаларига таяниб ёзишича, Нетаньяху Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп билан ҳам шахсий учрашув ўтказмоқчи.
Нетаньяху ва Трампнинг жамоалари сўнгги кунларда уларнинг шахсий учрашуви имкониятларини муҳокама қилган. Аниқлик киритилишича, у катта эҳтимол билан, шу ҳафта Флоридада бўлиб ўтади. Шу билан бирга таъкидланишича, Трамп ҳозирча учрашувга розилик бермаган, аммо уни рад этмаган ҳам.
Politico ёзишича, агар учрашув амалга ошса, бу Нетаньяхуга Ғарбий қирғоқда ва Ғазо секторида олиб борилаётган сиёсатда, шунингдек, шимолий чегарада “Хизбулла”га қарши кампанияда кўмакка эга бўлишда ёрдам бериши мумкин.
Нетаньяху 22 июль куни АҚШга учиб кетган. 24 июль куни у АҚШ Конгрессининг иккала палатаси қўшма мажлисида нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Шарҳлар