Трамп Харрис билан мунозараларда бошқа қатнашмаслигини айтди
Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп ўз рақиби — демократлар партияси номзоди ва амалдаги вице-президент Камала Харрис билан мунозараларнинг иккинчи раундидан бош тортишини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Харрис аввалроқ Трампни яна бир мунозарага чақирган эди.
Биринчи мунозаралардан кейин эртаси куни Трамп NBC ёки Fox News каналида иккинчи раундни ўтказишга тайёрлигини айтганди. Бироқ 12 сентябрь куни у тадбир Харрисга ўз позицияларини яхшилаш учун имконият бўлишини таъкидлаб, ўз фикридан қайтди. Республикачининг ўзи даъво қилишича, илк мунозаралар якунларига кўра у энг яхши натижани кўрсатган.
“Боксчи жангда ютқазганидан кейин айтадиган илк гапи “Мен реванш жангини хоҳлайман” бўлади. Сўровлар 10 сентябрь кунги мунозараларда Камала Харрис устидан ғалаба қозонганимни яққол кўрсатмоқда, у эса шу заҳоти янги мунозаралар ўтказишга чақирди… Учинчи мунозаралар бўлмайди”, — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Камала Харрис фикрича, сайловчиларга президент лавозимига номзодларнинг яна битта мунозараси зарур. “Икки кун аввал Дональд Трамп билан илк мунозараларни ўтказдик. Биз сайловчилар учун яна битта мунозара ўтказишимиз шарт”, — деб ёзди Харрис Х ижтимоий тармоғида.
Трамп ўзининг биринчи мунозарасини ўша пайтда Демократик партиядан номзод бўлган амалдаги президент Жо Байден билан ўтказган эди. Байденнинг чиқиши муваффақиятсиз деб топилгач, у 21 июль куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилди ва ўз ўрнига Харриснинг номзодини таклиф этди.
Трамп ва Харрис ўртасида 10-сентябрь куни бўлиб ўтган мунозараларда, ҳам консерватив, ҳам либерал кузатувчилар фикрича, Харрис ғалаба қозонган.
Шарҳлар