Трамп устидан суд номаълум муддатга қолдирилди
АҚШнинг Флорида штати федерал судьяси Эйлин Кэннон собиқ президент Дональд Трампнинг махфий ҳужжатларга номувофиқ муносабатда бўлгани ҳақидаги иш бўйича 20 майга белгиланган суд мажлисини бекор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Судда ишни кўриш учун янги сана ҳали танлангани йўқ.
Кэннон қарорни 7 май куни чиқарган. Унинг имзоси қўйилган беш саҳифали ҳужжатда суд санасини ҳозир белгилаш “номақбул” бўлиши айтилган. Ушбу қарор федерал прокурорларнинг Трампни ноябрдаги президент сайловларигача судга жалб этиш қобилиятини шубҳа остига қўяди, дея қайд этади АP.
Собиқ президент 2022 йилда Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида аниқланган махфий ҳужжатларга совуққонлик билан муносабатда бўлганликда гумонланмоқда. Сиёсатчига қарши яна бир нечта жиноят иши кўриб чиқилмоқда, улар 2021 йил январида унинг тарафдорлари томонидан Капитолийга ҳужум қилиниши, ҳужжатларнинг сохталаштирилиши ҳамда унинг бизнесига алоқадор қонунбузарликлар ҳақида. Сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 57 фоизи Дональд Трамп томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни оғир жиноят деб ҳисоблайди.
Шарҳлар