Томошабинларнинг 67 фоизи дебатларда Трамп Байден устидан ғалаба қозонди, деган фикрда
Жо Байден ва Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтган теледебатлар якунларига кўра, томошабинларнинг 67 фоизи республикачи амалдаги президентни ютди, деб ҳисоблади. Бу ҳақда CNN ўтказган сўров натижаларига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди. Бор-йўғи 33 фоиз томошабинлар Жо Байден ўз рақибидан яхшироқ гапирди, деган фикрда.
CNN қайд этишича, сўров натижалари на демографик кўрсаткичлар, на сиёсий афзалликлар бўйича барча сайловчилар фикрини акс эттирмайди. Шу билан бирга, телеканалнинг ўзи ҳам, унинг аудиторияси ҳам кўпроқ Демократик партия тарафдорлари ҳисобланади.
Телеканал маълумотларига кўра, дебатлар ўтказилгунига қадар сайловчилар АҚШнинг амалдаги президентидан кўра, Дональд Трампдан яхшироқ натижалар кутаётганини маълум қилганди (55% га 45%). Шунингдек, CNN қайд этишича, сўров натижалари 2020 йилдагидан фарқ қилади, ўшанда кузатувчилар Байден сайловолди дебатларнинг ҳар бир босқичида Трампдан устун деб ҳисоблаган эди.
Аниқлик киритилишича, сўров дебатларни томоша қилган 565 нафар рўйхатдан ўтган сайловчилар орасида матнли хабарлар ёрдамида ўтказилган.
Трамп ва Байден ўртасида сайловолди пойгаси дебатларининг биринчи босқичи 28 июнь куни эрталаб CNN майдонида бўлиб ўтди. Студияда томошабинлар ва мухбирлар бўлмаган, бу Оқ уй Журналистлар уюшмаси норозилигига сабаб бўлган. Америка президенти сайлови 5 ноябрда ўтказилади. Дебатларнинг иккинчи босқичи сентябрь бошида бўлиши мумкин.
Шарҳлар