АҚШда учинчи штат Трампга праймеризда қатнашишни тақиқлади
АҚШнинг Иллинойс штатидаги Кук округи суди собиқ президент Дональд Трампнинг исми праймеризда овоз бериш рўйхатига киритилиши мумкин эмас, деб қарор қабул қилди. Бундай қарорни суд Конституцияга киритилган 14-тузатиш асосида чиқарган бўлиб, у исён иштирокчиларининг давлат лавозимларини эгаллашини тақиқлайди.
Иллинойс Трампга праймеризда қатнашишни ман қилган учинчи штатга айланди. Аввалроқ Колорадо ва Мэн штатларида ҳам судлар шундай қарорлар чиқарганди. Аммо қарорлар ижроси АҚШ Олий суди Трампнинг апелляциясини кўриб чиққунига қадар тўхтатилган.
Иллинойс судининг қарори бўйича ҳам Трамп жамоаси шикоят аризаси бериши кутилмоқда.
Республикачилар партиясининг праймеризи Иллинойсда 17 мартга белгиланган.
Трамп исёнда қатнашганликда гумон қилинмоқда: 2021 йил январида иккинчи муддатга қайта сайлана олмаганидан кейин у ўз тарафдорларини сайловлар якунлари тасдиқланаётган Капитолийга боришга даъват этганди. Ҳужум натижасида беш киши ҳалок бўлганди.
АҚШ Олий суди апрель охирида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланувчи Трампни сайловларга аралашиш айблови бўйича суд қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги юзасидан қарор қабул қилиши керак.
Шарҳлар