,

Трампнинг асосий рақиби президентлик пойгасидан чиққанини эълон қилди

Фото: Reuters

АҚШнинг Флорида штати губернатори, республикачи Рон Десантис ўз президентлик кампаниясини тўхтатди. Бу ҳақда Десантиснинг ўзи Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойланган видеода маълум қилди. Сиёсатчи ўз тарафдорларини Дональд Трампга овоз беришга чақирди.

15 январь куни Айовада бўлиб ўтган кокусларда Десантис 21 фоиз овоз тўплаб (Трампда 51 фоиз эди), иккинчи ўринни эгаллаганди. 20 январь, шанба куни сиёсатчи режалаштириб қўйилган интервьюни бекор қилди, якшанба куни эса Нью-Гемпшир штатида митинг ўтказмасликка қарор қилди, у ерда 23 январь куни праймериз бўлиб ўтади.

Десантис 2023 йилда республикачилардан номинация олиш бўйича курашда Дональд Трампга асосий рақиб ҳисобланганди. Сиёсатчи ўз номзодини илгари суриши ҳақида расман 24 майда эълон қилган, аммо шундан кейин оммабопликни йўқотиб келаётган эди: Десантисни омма олдида ўзини сунъий тутиши, Трампга ҳужум қилишдан қочиши сабабли танқид қилишди, ёзда эса кампания маблағ етишмаслиги муаммосига учради, натижада республикачи ўз штаби раҳбарини алмаштиришга мажбур бўлди. Десантиснинг рейтинги энг баланд бўлган пайтда 30 фоиздан ошганди, аммо сўнгги ойларда 10 фоизгача тушиб кетди.

Праймериз бошланадиган вақтга келиб, республикачилар орасида Никки Хейли, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси иккинчи ўринга чиқиб олди.

Собиқ президент Дональд Трамп — республикачилар орасида праймеризнинг яққол фаворити бўлиб турибди. У Айовадаги кокусларда катта фарқ билан ғалаба қозонди, Нью-Гемпширда эса ижтимоий сўровномаларда етакчилик қилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.