Дональд Трамп суиқасддан кейин ўз таассуротлари билан бўлишди
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп сайловолди митинги чоғида ўзига қилинган суиқасд тафсилотлари ҳақида The New York Post’га гапириб берди.
Унинг айтишича, Махфий хизмат ходимлари қаҳрамонлик кўрсатиб, саҳнадан тахминан 120 метр узоқликда ўтирган мерганни отиб ташлаган. Ўқ йигитнинг иккита кўзи ўртасига теккан.
Трамп отишма чоғида олинган видеони изоҳлади, унда отишмадан кейин агентлар сиёсатчини саҳнадан олиб кетишга уринаётгани, у эса “Тўхтанглар, менга оёқ кийимим керак”, — деганини кўриш мумкин. Отишма чоғида агентлар Трампни шунчалик катта куч билан уриб йиқитишганки, унинг оёғидаги пойабзали учиб кетган. Унинг тирик қолганини шифокорлар мўъжиза деб атаган.
Шунингдек, у суиқасддан кейин интернетда оммалашиб кетган фотосуратни ҳам изоҳлади, унда Трамп қулоғидан яраланган ҳолда муштини ҳавога кўтариб турибди. Видеода эса у “кураш” сўзини бир неча марта такрорлаганини эшитиш мумкин. “Кўпчилик бу улар кўрган энг рамзий фотосурат эканини айтмоқда. Улар ҳақ, мен эса ўлмадим. Рамзий сурат бўлиши учун одатда ўлиш керак бўлади”, — деди у.
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампга 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди митингида суиқасд уюштирилди. Ўқ унинг қулоғига теккан. Митингнинг бир иштирокчиси ҳалок бўлиб, икки киши оғир яраланган. Ҳужум қилган шахснинг ўзи Махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
Шарҳлар