“Transparency Russia” бош директори қидирувга эълон қилинди

Фото: DW

“Трансперенси Интернешнл – Россия” (ТИ-Россия) ташкилотининг бош директори Илья Шуманов Россияда жиноий модда билан қидирувга берилди. Унинг картаси 24 август, шанба куни Ички ишлар вазирлигининг федерал қидирувда бўлганлар ҳақидаги маълумотлар базасида пайдо бўлиши “Медиазона” нашри эътиборини тортди.

Қидирувнинг расмий сабаблари айтилмаган, бироқ Шумановнинг ўзи “Медиазона” нашрига Россия қонунчилигига мувофиқ “хорижий агентлар” томонидан чоп этилган материалларга талаб қилинадиган махсус белгилар йўқлиги сабабли унга нисбатан иш очилганини айтади. Бу маълумотни ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб, ТАСС давлат агентлиги ҳам тасдиқлаган.

“Трансперенси Интернешнл – Россия” ташкилотининг хабар беришича, Шумановни қидириш уларнинг фаолиятига таъсир қилмайди, чунки ташкилот Россияда «номақбул» деб эълон қилинганидан кейин аллақачон чет элдан ишламоқда.

“ТИ-Россия” вакиллари Ички ишлар вазирлигининг ҳаракатларини «ноқонуний» деб атади ва адолат қарор топишига ишонч билдирди.

Илья Шуманов “ТИ-Россия”ни 2021 йил бошидан буён бошқариб келмоқда. 2022 йил октябрь ойида Россия Адлия вазирлиги уни «хорижий агентлар» реестрига киритди ва 2023 йил июль ойида тегишли белги йўқлиги учун 100 минг рубль жаримага тортилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.