Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ шимолидаги 32 курд нишонини йўқ қилди
Туркия Анқарадаги терактга жавобан Ироқ ва Сурия шимолидаги Курдистон Ишчи партияси (ПКК) марраларига зарбалар берди, деб хабар бермоқда ТРТ Хабар мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб.
“Туркия Қуролли Кучлари олижаноб халқимиз манфаатларини кўзлаб, ўтмишда бўлгани каби, бир нафар террорчи қолмас экан, юртимиз ва халқимиз омон қолиши ва хавфсизлиги учун террорга қарши курашни қатъият ва матонат билан давом эттиради”, – дейилади баёнотда.
Операциялар натижасида партияга тегишли 32 та объект вайрон қилинган. Шунингдек, амалиётлар давомида тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 23 октабрь куни эрталаб Туркиянинг Қаҳраманқозон вилоятида жойлашган ТУСАС аэрокосмик компанияси террорчилар томонидан ҳужумга учраган эди. Пулемёт, тўппонча ва гранаталар билан қуролланган улар қўриқчиларни ёриб ўтиб, асирларни гаровга олишга муваффақ бўлди. Икки ҳужумчи охир-оқибат йўқ қилинди. Туркия ҳукумати оммавий ахборот воситаларида ҳужумни ёритишни тақиқлади ва ижтимоий тармоқларни вақтинча ўчириб қўйди.
Шарҳлар