Туркия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилиш ҳақидаги аризасини маъқуллади
Туркия парламенти Швецияни НАТО таркибига қабул қилиш ҳақидаги баённомани ратификация қилишни ёқлаб овоз берди, деб ёзади Bloomberg. Энди ҳужжат мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга юборилади, у яқин кунларда уни имзолаши керак бўлади.
Шу тариқа, Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризасини ратификация қилмай турган НАТОга аъзо ягона мамлакат Венгрия бўлиб қолмоқда.
Швеция 2022 йил ёзида Финляндия билан бирга НАТОга қўшилиш учун ариза берганди. Мамлакатлар Россия қўшинларининг Украинага тўлиқ кўламли ҳужуми фонида альянсга қўшилишга қарор қилди. НАТОга кириш учун номзод мамлакат аризасини альянснинг барча иштирокчилари маъқуллаши керак.
2023 йил апрелида НАТОга фақат Финляндия аъзо бўлди. Швециянинг альянсга киришига Туркия қарши чиқди ва бир қатор шартларни қўйди. Хусусан, Анқара Стокгольмдан Туркия ҳукумати томонидан террорчиликда айбланаётган одамларни тутиб беришни, шунингдек, Туркия террорчилик ташкилоти деб тан олган Курдистон ишчилар партияси фаолиятига нуқта қўйишни талаб қилди. 2023 йил июлида НАТО бош котиби билан музокаралардан кейин Эрдўғон Швециянинг аризасини қўллаб-қувватлашга рози бўлди.
Венгрия ҳукумати, ўз навбатида, Стокгольмни Будапештни ёмонотлиқ қилиш сиёсатида ва мамлакатга нисбатан ҳуқуқий давлат меъёрларидан оғиш бўйича танбеҳлар беришда айблади. 2024 йил 23 январь куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан Швециянинг НАТОга қўшилишини муҳокама қилиш учун швециялик ҳамкасби Ульф Кристерссонни Будапештга таклиф қилди. Бунга жавобан, Швеция Ташқи ишлар вазирлиги музокараларга сабаб кўрмаётганини, чунки Венгрия 2022 йил ёзидаёқ НАТО саммитида Швецияга альянсга ҳеч қандай шартларсиз қўшилиш таклифини йўналтирганини эслатди.
Шарҳлар