Turkish Airlines авиакомпанияси учувчиси парвоз вақтида вафот этди

Фото: AP Photo

Turkish Airlines авиакомпаниясининг самолёт командири Сиэтлдан Истанбулга учиш пайтида вафот этди. Шу сабабли ҳаво кемаси Нью-Йоркка фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлди.

«TC-LGR борт рақамли Airbus 350 самолётимизнинг капитан-учувчиси Илчехин Пехливан Сиэтл ва Истанбул ўртасидаги TK204 рейсини бажараётганда ҳушидан кетди, – деб ҳодиса тафсилотларини авиакомпания матбуот котиби Яҳъё Устун маълум қилди. – Дастлабки тиббий аралашув натижа бермагач, экипаж фавқулодда қўниш қарорини қабул қилди, аммо капитанимиз қўнишдан олдин вафот этди».

2007 йилдан бери Turkish Airlines’да ишлаб келган учувчи 59 ёшда эди. Устуннинг айтишича, у март ойида Фуқаро авиацияси бош бошқармаси томонидан ваколат берилган авиация тиббиёт марказида кўрикдан ўтган ва унинг вазифаларини бажаришига тўсқинлик қиладиган соғлиғи билан боғлиқ муаммолар аниқланмаган.

«Самолётимиз Нью-Йоркка қўнди, йўловчиларнинг уйга қайтиши Нью-Йорк аэропорти орқали режалаштирилмоқда, – деди авиакомпания вакили. – Turkish Airlines оиласи сифатида капитанимизга Аллоҳнинг раҳматини, барча ҳамкасблари ва яқинларига, айниқса, унинг мотамдаги оиласига сабр тилаймиз».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.