Туркия БРИКСга қўшилиш учун ариза берди
Туркия БРИКС ташкилотига қўшилиш учун ариза берди. Бу ҳақда 3 сентябрь куни Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вакили Омер Челик маълум қилди, деб ёзади DW.
“Президентимиз биз БРИКСга аъзо бўлишни исташимизни бир неча марта таъкидлаб ўтган. Жараён бошланди”, — деди у. Челик ариза айнан қачон берилганига аниқлик киритмади.
Унинг сўзларига кўра, натижалар пайдо бўлгач, қўшимча тафсилотлар маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза берган эди.
БРИКС — ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, айни пайтда унга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, ЖАР, Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА киради. Яна бир қатор мамлакатлар ташкилотга қўшилиш истагини билдирган. БРИКС Россия ташаббуси билан тузилган. Вазирларнинг ташкилот форматидаги илк учрашуви 2006 йил 20 сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркдаги сессияси доирасида бўлиб ўтган.
БРИКСга аъзо бўлиш юридик таъсирларга эга эмас. Таъкидланишича, шу пайтгача унга аъзо мамлакатлар ҳатто эркин савдо ҳақида битим имзолай олмаган.
Шарҳлар