Туркияда 585 грамм туғилган чақалоқ ҳаётга қайтарилди
Туркиянинг Адıяман шаҳрида 26 ҳафталигида муддатидан олдин, 585 грамм вазинда туғилган чақалоқ 107 кунлик даволанишдан сўнг шифохонадан чиқарилди.
Шаҳарда яшовчи 28 ёшли Мерве Тунч ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасида оғриқлари бошланганидан кейин Адıяман ўқув ва тадқиқот касалхонасига мурожаат қилган. Текширувдан сўнг 7 февралда муддатидан олдин туғилган қизалоқ аъзолари ривожланмагани учун инкубаторга олиниб, нафас олиш аппаратига уланган. Янги туғилган чақалоқлар интенсив терапияси бўлимидаги мутахассис шифокорлар чала туғулган чақалоқни даволашни бошлаган.
«107 кунлик оғир муолажалардан сўнг, аъзолари ривожланиши билан вазни 2 килограмм 250 граммга етган чақалоқ ҳаёт учун курашда ғалаба қозониб, 24 май куни шифохонадан чиқарилди», – дейилади хабарда.
Чақалоқнинг онаси Мерве Тунч, фарзанди билан учрашадиган кунни интиқиб кутаётганини ва бу жараёнда вақти-вақти билан ташвишланаётганини, лекин шифокорларнинг тавсиялари билан умидини сақлаб қолганини айтди: “Мен учун қўрқув ва ташвиш ҳаммаси бирга эди, лекин шифокорларимга катта раҳмат айтаман. Улар менга жуда кўп ёрдам беришди, мен ҳар жума куни боламни кўриш имконига эга бўлдим. Фарзандим кундан-кунга ўсиб, ўзгариб борарди. 585 грамм вазнда туғилган чақалоғимни, 2 килограмм 250 граммга етганида боламни қўлимга олдим. «Мен саломатлик қаҳрамонларига ва унга ҳисса қўшганларга миннатдорчилик билдираман».
Тайёрлади: Anhor.uz амалиётчи мухбири, ЎзЖОКУ 4-босқич талабаси Содиқжонова Ёқутхон
Шарҳлар