Доғистонда юз берган терактдан кейин уч кунлик мотам эълон қилинди
Россия таркибидаги Доғистон Республикаси раҳбари Сергей Меликов 23 июнь куни юз берган терактда ҳалок бўлганлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
24 июндан 26 июнга қадар давом этадиган мотам чоғида республикада давлат байроқлари туширилади. Маданият муассасалари ва телерадиокомпаниялар кўнгилочар тадбирлар ва кўрсатувларни бекор қилади.
Доғистон ҳукуматига жабрланганларга ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига кўмак кўрсатиш топширилди.
23 июнь куни кечқурун Дарбанддаги синагога ва черковга, Махачқалъадаги ЙПХ пости, черков ва синагогага, шунингдек, Сергокала қишлоғи марказидаги автомобилга ҳужум уюштирилди. Ҳужумлар чоғида 15 дан ортиқ полициячилар ва бир нечта тинч фуқаролар ҳалок бўлди. Ўлдирилганлар орасида Доғистон полицияси бўлим бошлиғи Мавлуддин Хидирнабиев ва Дарбанддаги черков роҳиби бор. Олти нафар жангари йўқ қилинди. Уларнинг уч нафари республикадаги Сергокала тумани раҳбарининг ўғиллари ва жиянидир. Мансабдор қўлга олинди. Теракт тўғрисида жиноят иши қўзғатилди.
Шарҳлар