УХХ: Россия Украинага қарата Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган 20 дан ортиқ ракетани отди
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ўтган йил охиридан бери Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган 20 дан ортиқ ракетани отганини маълум қилди, деб ёзади Би-Би-Си.
Сўз КХДРда ишлаб чиқарилган Hwasong-11 (KN-23/24) типидаги баллистик ракеталар ҳақида бормоқда.
Шимолий Корея ракеталари қўлланилган ҳужумлар натижасида камида 24 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, юздан ортиқ тинч аҳоли оғир яраланган, дейилади хабарда.
УХХ маълумотларига кўра, Россия томонидан КХДР ракеталарини қўллашнинг илк ҳолатларидан бири 2023 йил 30 декабрда Запорожьени ўққа тутиш вақтида қайд этилган.
Шимолий Корея ракеталарининг навбатдаги зарбаси жорий йилнинг январь ойи бошида Киевдаги тураржой биносига тўғри келган эди.
Россия ва Шимолий Корея Пхеньян Москвага ўқ-дорилар етказиб берганини рад этади. Бу ҳақдаги даъволарни дастлаб Ғарб давлатлари билдирганди, аммо кейинроқ Украина расмийлари Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ўқ-дорилар – аввал артиллерия снарядлари, кейинроқ эса баллистик ракеталарнинг бўлаклари топилганини тасдиқлади.
Шарҳлар