УҚК: Су-34 ва Су-35 самолётлари бомбаларни энди эркин ташлай олмаяпти
Украина ҳарбийлари олти кундан бери Азов денгизи узра узоқ масофага учувчи А-50 узоқдан радиолокацион аниқлаш ва кузатув самолётини қайд этмаяпти. Бу ҳақда Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги спикери Юрий Игнат миллий телемарафон эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳаво бомбаларини ташлайдиган Су-34 ва Су-35 қирувчи самолётлари ўзларини унчалик эркин ҳис қила олмаяпти ва фронт чизиғига яқинроқ учиб келишга мажбур бўлмоқда.
“Яқинроқ учиш охиригиси бўлиши мумкин. Учувчилар ва уларнинг қўмондонлиги буни жуда яхши тушунади, шу боис эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Бу бизнинг қўшинларимизга нафас олиш имкониятини беради”, — дейди Игнат.
Унинг қайд этишича, бомбалар Украина аскарлари учун жиддий муаммо бўлиб, уларни қўллаш оқибатларини Авдеевкада кўриш мумкин.
Бугун Украина аскарлари шарқий йўналишда Россиянинг яна бир Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолётини уриб туширди. Кейинроқ Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Украина Қуролли кучлари Авдеевка ва Мариуполь туманларида яна иккита Су-34 самолётини уриб туширганини айтди.
Шарҳлар